Беларусда президентлик сайловининг илк натижаларига кўра Лукашенко 83,49 фоиз овоз тўплади

Жаҳон 12 Октябрь 2015 2061

Мамлакатнинг амалдаги президенти Александр Лукашенко Беларусда 11 октябрь куни ўтказилган президентлик сайловида 83,49 фоиз овоз олган. Сайловнинг дастлабки натижалари Беларусь Марказий сайлов комиссиясида эълон қилинган.

Иккинчи ўринда 4,42 фоиз овоз билан Татьна Короткевич (“Тўғрисини гапир” кампанияси фаоли), учинчи ўринда 3,32 фоиз овоз билан Сергей Гайдукевич (Либерал-демократик партия) ўрин олган. Тўртинчи номзод Николай Улахович (Беларусь ватанпарварлари партияси) эса 1,67 фоиз овоз йиққан.

Сайловда сайловчиларнинг 86 фоизи иштирок этган.

Мамлакат қонунчилигига кўра, овоз беришда фуқароларнинг ярмидан кўпи иштирок этган тақдирда сайлов ўтган деб ҳисобланади. Президентликка эса овоз беришда иштирок этганларнинг ярмидан кўпи қўллаб-қувватлаган номзод сайланган ҳисобланади.

Жорий йилнинг 6-10 октябрь кунлари бўлиб ўтган муддатидан аввал овоз беришда сайловчиларнинг 30 фоиздан кўпроғи иштирок этган.

Сайловда жами 37,871 минг кузатувчи иштирок этди. Марказий сайлов комиссияси 928 хорижий (халқаро) кузатувчиларни рўйхатга олган. Улардан 344 нафари ЕХҲТнинг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси вакилларидир, 387 нафари МДҲдан, 68 нафари ЕХҲТнинг парламент ассамблеясидан, 7 нафари ШҲТдан.

Сайловнинг якуний натижалари 16 октябрь куни эълон қилинади.

Марказий сайлов комиссияси раҳбари Лидия Ермошина натижалар 4 кундан кейин маълум бўлишини айтган.

Қайд этиш керакки, Лукашенко бешинчи марта президентликка сайланмоқда.

Кўпроқ янгиликлар