Тўлов банк пластик карталари орқали амалга оширилганида харид қилинаётган маҳсулотнинг устига фоиз қўйиб, қимматроқ нарх талаб қилиш қонунларнинг жиддий бузилиши ҳисобланади. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Абдусалом Юлдашев маълумот берди.

“ЎзР Адлия вазирлиги томонидан 2009 йил 27 июлдаги 1986-сон билан давлат рўйхатидан ўтказилган “Тўлов терминаллари билан жиҳозлаш ва аҳоли билан пул ҳисоб-китобларини амалга оширишда уларни қўллаш тартиби тўғрисида”ги низомнинг 12-бандида банк пластик карточкалари орқали тўлов амалга оширилганда товарлар нархлари асоссиз равишда оширилишига йўл қўймаслиги белгиланган”, - таъкидлади у, “Даракчи” газетасининг саволига жавоб бераркан.

У фуқароларга, агарда шундай ҳолатлар кузатилса, (+99871) 2449898 рақамига мурожаат қилишни тавсия қилди.