Дубай полицияси "БААга хуш келибсиз" дастури асосида шаҳар кўчаларида янги ахлоқий меъёрлар жорий қилади.

«Русские Эмираты» портали хабарига кўра, бу дастурга биноан БАА ҳудудида жамоат жойларида ўпишишга йўл қўйилмайди.

Полиция полковниги Муҳаммад Рашид Ал-Мухейрининг маълум қилишича, айни вақтда Дубайда 216 миллатга мансуб кишилар истиқомат қилмоқда. Бундан ташқари ҳар йили мамлакатга миллионлаб сайёҳлар ташриф буюради.

Ҳукумат фикрича, бундай ранг-баранг маданиятлар вакиллари миллий араб маданиятини ҳурмат қилишлари лозим ҳисобланади.

"Эндиликда кўчаларда ўпишиб, бошқаларнинг туйғуларини ҳақоратлаш ва уларга азият етказишга йўл қўй қўйилмайди", дейди ал-Мухейрий.

Қайд этилишича, "БААга хуш келибсиз" тадбирлари 2015 йилнинг охирига қадар давом эттирилади.

Бу тадбирлар доирасида кўчаларга махсус плакатлар осилади ва уларда тегишли шиорлар ҳамда мамлакат қонунчилигидан иқтибослар акс этади.

Бундай плакатлар пляжлар ва дўконларга ҳам осилиши айтилган.

Шунингдек, шаҳардаги ҳайдовчилар ва меҳмонхоналар хизматчилари сайёҳларни қоидалардан огоҳлантиришлари лозим бўлади.

Хабар берган манбада келтирилишича, бундай ҳолатлар учун жарима қўлланилади.

Шу вақтгача, сайёҳларга нисбатан фақат оғзаки огоҳлантириш бериш билан кифояланилаётганди.