Россия президенти Владимир Путин 2015 йилнинг 15-16 октябрь кунлари Қозоғистонга боради. Бу ҳақда Кремль матбуот хизмати хабар қилди.
15 октябрь куни Остонада Россия етакчисининг ташрифи муносабати билан тадбирлар ўтказилиши белгиланган.
“Путин ва Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев минтақавий ва халқаро кун тартибидаги асосий муаммоларни муҳокама қилади”, - дея қайд этилди хабарда.
Ташриф якунларига кўра, қатор икки томонлама ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда.
16 октябрда эса Путин МДҲ давлатлари раҳбарлари кенгаши ҳамда Евросиё иқтисодий кенгаши йиғилишларида иштирок этади.
“МДҲ давлатлари саммитида давлатлар раҳбарлари халқаро муаммолар юзага чиқараётган ўзаро манфаатлар, шунингдек, гуманитар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва ҳарбий соҳалардаги кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилиб, қатор шартнома ва қарорларни имзолашади”, - дейилади хабарда. “Жумладан, БМТ ташкил топганининг 70 йиллиги ва халқаро терроризмга қарши курашиш тўғрисида баёнот, Чернобиль АЭС ҳалокатининг 30 йиллигига бағишланган мурожаатларни қабул қилиш режалаштирилган”, - давом эттиради матбуот хизмати.
Кун тартибида ташкилий мазмундаги саволлар, жумладан, 2016 йилда МДҲга раҳбарлик масаласи кўриб чиқилади.