Ҳурматли ўқувчилар, эътиборингизга 12 октябрь куни жаҳонда рўй берган энг асосий янгиликларни такроран ҳавола этамиз.

Обама: АҚШ разведкаси Россиянинг Асадга ёрдам кўрсатиш борасидаги режаларидан бохабар эди>>

Россиянинг Суриядаги ҳарбий ҳаво операцияси АҚШ учун кутимаган ҳол бўлмади, негаки разведка президент Башар Асадга кўрсатилаётган ёрдамни диққат билан кузатиб бораётган эди. Бу ҳақда АҚШ президенти Барак Обама CBS телеканалига берган интервьюсида айтиб ўтди.

The Guardian: Платини Йозеф Блаттердан 2 миллион швейцария франки олган>>

ФИФА вице-президенти ва УЕФА президенти Мишель Платини оғзаки келишув асосида ФИФА президенти Йозеф Блаттердан 2 миллион швейцария франки миқдорида маблағ олган. Мазкур ўтказмани амалга ошириш жараёнида Платини ва Блаттер ўртасида ёзма келишув имзоланмаган, деб хабар бермоқда The Guardian нашри.

Порошенко Донбассни қандай қилиб қайтаришини айтди>>

Украина президенти Пётр Порошенко Донбассни қайтариб олиш масаласида баёнот берди. У минтақада тинчлик ўрнатилишини фақат Украина мудофаасининг ишончлилиги таъминлаб бера олишини таъкидлади.

Обама Россия АҚШнинг биринчилигини шубҳа остига олиш ниятида эмаслигини таъкидлади>>

АҚШ президенти Барак Обама Россия президенти Владимир Путин Суриядаги хатти-ҳаракатлари билан Вашингтоннинг жаҳон миқёсидаги биринчилигини шубҳа остига қўймоқда, деган фикрга қўшилмайди. Бу ҳақда у CBS телеканалига берган интервьюсида айтиб ўтди.

Экстремистларнинг қамоқдан қочиши сабабли Бишкекдаги муҳим объектлар хавфсизлиги кучайтирилди>>

Қирғизистон бош вазири Бишкекдаги барча стратегик муҳим объектлар кучайтирилган ҳимоя остига олиниши тўғрисида топшириқ берди. Бу ҳақда Темир Сариев 12 октябрь куни ҳукуматда ўтказилган фавқулодда йиғилишда маълум қилди.

АҚШ: Асадга Россия ва Эрон босим ўтказиши лозим>>

Суриядаги сиёсий вазиятни маромга келтириш учун Россия ва Эрон Башар Асад ҳукуматига таъсир ўтказиши керак. Бу ҳақда АҚШ президенти Барак Обама 11 октябрь куни CBS телеканалидаги “60 дақиқа” дастурига берган интервьюсида айтиб ўтди.

Bloomberg: Туркия Россия газидан фақат гапда воз кечиши мумкин>>

Туркия Россия газини импорт қилишдан оғзаки тарздагина воз кечиши мумкин, амалда эса Россия етказаётган ҳажмдаги газни бошқа бирор давлатдан ололмайди, деб ҳисоблайди Bloomberg агентлиги.

Британия Россия самолётларига қарата ўт очилгани ҳақидаги гапларни инкор қилди>>

Буюк Британия мудофаа вазирлиги Ироқда Россия самолётларига қарата ўқ узишга буйруқ берилгани ҳақида ОАВда пайдо бўлган ахборотни инкор қилди. Бу ҳақда идоранинг расмий хабарномасида айтилди.

Қирғизистонда қамоқдан қочган 9 нафар террорчидан 5 нафари қўлга олинди>>

Қирғизистонда Бишкекка яқин ҳудудда жойлашган қамоқхонадан душанбага ўтар кечаси диний экстремизм ва терроризмда айбланган 9 нафар жиноятчи қочиб кетгани хабар қилинганди.

Кремль: Путин Қозоғистонга давлат ташрифи билан боради>>

Россия президенти Владимир Путин 2015 йилнинг 15-16 октябрь кунлари Қозоғистонга боради. Бу ҳақда Кремль матбуот хизмати хабар қилди.
15 октябрь куни Остонада Россия етакчисининг ташрифи муносабати билан тадбирлар ўтказилиши белгиланган. 

Туркия бош вазири: ИШИД – Анқарадаги терактлар билан боғлиқ асосий гумондор>>

Турк терговчилари Анқарадаги терактларни катта эҳтимол билан ИШИД террористик гуруҳи ташкил этган, деган хулосага келишди. Бу ҳақда 12 октябрь куни NV телеканали эфирида Туркия бош вазири Аҳмед Довудўғли маълум қилди.

Туркия ҳукумати: Анқарадаги теракт қурбонлари сони 97 нафарга етди>>

10 октябрь куни Туркия тарихидаги энг қонли теракт туфайли ҳалок бўлганлар сони 97 нафарни ташкил этмоқда. Бу ҳақда Туркия бош вазири маъмурияти қошидаги мувофиқлаштирувчи марказ томонидан маълумот тарқатилган.

ЕХҲТ бош котиби ташкилот ичида бўлиниш юзага келганини тан олди>>

Дунёдаги мураккаб геосиёсий вазият туфайли Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотида Совуқ уруш йилларидан буён кузатилмаган даражадаги жиддий бўлиниш юзага келди. Буни ташкилоти бош котиби Ламберто Занньер тан олди.

Туркия самолётлари 17 курд жангарисини йўқ қилди>>

Туркиянинг Хаккари вилоятида мамлакат ҳарбий ҳаво кучлари томонидан ман қилинган Курдистон ишчи партиясининг 17 нафар жангариси йўқ қилинди. Бу ҳақда Туркия бош штаби хабар қилди.

Нидерландия Boeing бўйича халқаро трибуналдан воз кечди>>

Малайзиянинг Донецк яқинида уриб туширилган Boeing самолёти ҳалокатини тафтиш қилаётган халқаро гуруҳ таркибига кирувчи мамлакатлар (Австралия, Нидерландия, Малайзия, Украина ва Бельгия) халқаро трибунал бошлашдан воз кечди. Бу ҳақда Нидерландиянинг Москвадаги элчиси Рон ван Дартел РИА Новости агентлигига берган интервьюсида маълум қилди.