Ўзбекистон 2015 йилда 18 млн тонна мева ва сабзавот маҳсулотлари, жумладан, сабзавотлар (умумий миқдорнинг 53 фоизи), мевалар (15 фоиз), картошка (14 фоиз), полиз маҳсулотлари (10 фоиз) ва узум (8 фоиз) етиштиришни режалаштирмоқда.

Бунда аҳолининг мева ва сабзавотларга бўлган талаби етиштирилган маҳсулотларнинг 80 фоизини ташкил этади, қолган қисми эса саноат даражасида қайта ишлаш (14 фоиз), экспорт (3 фоиз) ва уруғчилик мақсадларига йўналтилади.

Ишлаб чиқарувчилар ва экспортёрларга яратилаётган шароитлар туфайли мева ва сабзавотларни хом ашё ва қайта ишланган шаклда экспорт қилиш ҳажми ортиб бормоқда. Ҳар йили 1,3-1,5 млрд долларлик маҳсулотлар дунёнинг 40дан зиёд мамлакатларига экспорт қилинмоқда.

Хусусан, 2014 йилда мева ва сабзавотлар етказиб бериш географияси Италия (ўрик данаги мағзи), Чехия (туршак ва ер ёнғоқ), Малайзия (мош), Вьетнам (мош), Сингапур (гилос ва ўрик) ва Ливан (ёнғоқ) ҳисобига кенгайди.

Республика миқёсида олиб қаралганда, Самарқанд вилояти мева ва сабзавот етиштиришда умумий ҳажмнинг 16,8 фоизига эгалик қилиб, етакчилик қилмоқда. Шунингдек, Тошкент (15,5%), Андижон (12,9%), Фарғона (8,7%), Сурхондаёр (8,1%), Наманган (7,1%) ва Бухоро (6,8%) вилоятлари ҳам олд ўринларни эгаллаб келмоқда.

Шу хилдаги маҳсулотлар экспорти бўйича Россия, Қозоғистон, Афғонистон, Эрон, Хитой, Туркия, БАА, Озарбайжон, Ҳиндистон, Ироқ ва бошқа давлатлар Ўзбекистоннинг асосий ҳамкорлари ҳисобланади.