Ўзбекистон ва Болгария зангламайдиган пўлатдан эгилувчан металл шланглар ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхона ташкил қилади, деб “Ўзагромашсервис” уюшмасидаги манбага иқтибос келтирган ҳолда хабар бермоқда Sputnik нашри.

Нашрнинг айтишича, бу корхона Ўзбекистон саноатида биринчи бундай корхона бўлади. Манба болгариялик ҳамкорнинг номини тижорат сири нуқтаи назаридан ошкор этмади.

“Бугунги кунда ўзбек бозори Хитой ва Туркияда ишлаб чиқарилган бундай металл шланглар билан тўлиб-тошган. Биз бу ишлаб чиқарувчиларни яхшироқ сифат ва арзонроқ нарх ҳисобига бир неча йил ичида сиқиб чиқармоқчимиз”, деб айтмоқда манба.

Биринчи маҳсулот 2015 йилнинг охирига қадар ишлаб чиқарилиши режалаштирилган ва корхона қувватлари табиий газ ва сув учун мўлжалланган исталган узунликдаги ва диаметрдаги шлангларни ишлаб чиқаришга имкон беради.

Жорий йилнинг ўзида корхона 1 млрд сўмлик 100 километр маҳсулот ишлаб чиқармоқчи. 2016 йилда эса ишлаб чиқариш ҳажми 4 мартадан кўпроққа, яъни 480 км гача, 2019 йилда 600 кмгача етади.

Бу ҳажм ички бозор учун катта миқдорни ташкил қилади, шунинг учун маҳсулотнинг бир қисмини хорижга, биринчи навбатда Россия, Хитой ва Қозоғистонга экспорт қилиш мўлжалланмоқда.