Тошкент шаҳар божхона бошқармаси ходимлари турли хил диний мазмундаги материалларнинг ноқонуний олиб ўтилишига чек қўйишди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитасининг ахборот хизмати маълум қилган.

Жумладан, бошқарманинг “Бошпочтамт” божхона пости ходимлари хориждан юборилган почта жўнатмасини амалдаги тартибларга мувофиқ божхона назоратидан ўтказганида, буюмлар орасида 27 дона диний мазмундаги китоблар борлигини аниқланди.

Тошкент шаҳар божхона бошқармасининг “Келес” темир йўл божхона пости ходимлари томонидан “Москва-Тошкент” йўналиши бўйича кириб келган йўловчи поезд йўловчиси фуқаронинг қўл юклари божхона назоратидан ўтказилганида, ундаги уяли алоқа воситаси хотираси ҳамда қўшимча флешкарта хотирасида турли диний экстремистик ва террорчиликни тарғиб қилувчи маърузалар, суратлар ва видеороликлар борлиги аниқланди.

Шунингдек, ушбу божхона пости ходимлари томонидан “Челябинск-Тошкент” йўналиши бўйича кириб келган икки нафар йўловчиларининг уяли алоқа воситалари хотирасида жами 476 дона диний мазмундаги турли аудио ва 21 дона видео материаллар борлиги аниқланди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита мутахассисларининг тегишли хулосаларига кўра мазкур диний материалларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш ман этилади.

Ҳозирда юқоридаги ҳолатлар юзасидан божхона суриштирувлари олиб борилмоқда.