Сhina poly group corporation (қисқартмаси poly group) корпорацияси Ўзбекистонда каучук заводини барпо этишга киришди, дея хабар бермоқда Синьхуанет.
Махсус саноат зонасидаги янги завод қурилиши жойида тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Унда Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Ғуломжон Иброҳимов, Хитойнинг Ўзбекистондаги элчиси Сунь Лицзе, Poly Group бош директори ва Poly Technologies бошқарув раиси Чжан Чжэньгао ва бошқалар иштирок этди.
Қарийб 6 йил давом этган музокаралар ва савдолардан сўнг Poly Technologies ўзбек томонини шерик сифатида танлади.

2014 йил августида Ўзбекистон президентининг Хитойга ташрифи чоғида Poly Technologies компанияси «Ўзкимёсаноат» давлат акциядорлик компанияси билан умумий қиймати қарийб 185 млн доллар бўлган инжиниринг, етказиб бериш ва қурилиш (engeneering, procurement, construction)ни ўз ичига олган EPC бош шартномасини имзолаган эди.

Шу билан бирга, биринчи босқичда йилига 3 миллион дона автомобиль шиналари, 200 мингта қишлоқ хўжалиги шиналари ҳамда 100 минг метр конвеер лентасини ишлаб чиқариш қувватига эга объектларни қуриш ҳамда тайёр ҳолда фойдаланишга топшириш мақсади белгиланган.

2014 йилда ўзбек томони таклифи билан Poly Technologies лойиҳа жамоаси Ўзбекистонга икки кунлик ташриф билан келди. Ташриф жараёнида томонлар келгусидаги режалар тафсилотларини муҳокама қилишди.

2014 йилнинг 4 декабрида эса Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ангрен» эркин индустриал зонаси ҳудудида резинотехника буюмлари заводи қурилишини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори қабул қилинди.