Скотленд-Ярд WikiLeaks сайти асосчиси Жулиан Ассанж беркинаётган Лондондаги Эквадор элчихонасида кун бўйи навбатчилик қилган полициячиларни ортга чақиртириб олди, деб хабар бермоқда The Telegraph нашри.

Полиция зобитлари Ассанжнинг ҳибсга олиниши ва кейинчалик унинг Швецияга экстрадиция қилинишига ордер берилгандан кейин охирги 3 йил давомида элчихонадан чиқиш жойида патруль хизматини олиб боришган.

Британия полицияси матбуот котибининг айтишича, кузатув учун кетган харажатлар ўзини оқламагани сабабли шундай қарор қабул қилинган.

Нашрнинг баҳолашича, элчихонада кузатув олиб боришнинг давом эттирилиши солиқ тўловчиларга 10 млн фунт стерлингга айланади. Матбуот котиби полиция Ассанж элчихонани тарк этиши биланоқ уни қўлга олиш нияти борлиги ва бунинг учун “яширин тактика”дан фойдаланишини қўшимча қилиб ўтди.

Аввалроқ, Ассанж Эквадор элчихонасини АҚШ махсус хизматлари ҳужумидан хавфсираётгани сабабли тарк этишга қарор қилмаётганини айтган эди.

“Ассанж учун адолат” деб номланган сайтда жойлаштирилган маълумотга кўра, Ассанж элчихонада 1770 кундан бери қолмоқда.