"Тошкент шаҳридаги Муқимий кўчасининг «Агробанк» бош офиси ва «Новза» метро бекати оралиғида йўл остидан ўтган иссиқлик тармоқларини таъмирлаш ишлари бесабр ҳайдовчилар учун ҳақиқий синовга айланди", деб ёзади "Дарё.уз" нашри.

Facebook ижтимоий тармоғидаги «Водители Ташкента» гуруҳида 9—10 октябрь куни айнан шу ерда юз берган йўл-транспорт ҳодисалари, аниқроғи, ҳайдовчиси бесабр автомобилларнинг трамвай йўлидаги шағалга ботиб қолгани билан боғлиқ бир неча хабарлар пайдо бўлди.

Йўл остидаги қувурлар таъмирланаётгани сабаб, кўчанинг Flagman мажмуаси олдидаги қисмида ҳаракатланиш бўлаклари бештадан иккитагача қисқарган. Ўз-ўзидан автомобиллар тирбандлиги юзага келмоқда, баъзи ҳайдовчилар эса шағал ётқизилган трамвай йўли орқали айланиб ўтишга уринмоқда.

Хусусан, 9 октябрь куни «Водители Ташкента»га жойлаштирилган фотохабарда қора рангли Nexia автомобили (давлат рақами — V 543 HA) бу борада муваффақиятсизликка учрагани, бир неча киши уни шағалдан «қутқаришга» ҳаракат қилаётганини кўриш мумкин. Худди шу куни туш вақтида бортида бир неча йўловчиси бор «Газель» микроавтобуси шағалга ботиб қолиб, трамвайлар тирбандлиги юзага келишига сабаб бўлган.

Бундай ҳодисалар 10 октябрь куни ҳам кузатилган. Жумладан, тирбандликда турган «ҳамма автомобилдан ўзиб кетмоқчи» бўлган Nexia (давлат рақами — (ҳудуд рақами кўринмаган) B 635 EA) ҳайдовчиси охир-оқибат ўз автомобили ғилдиракларини шағалдан тозалашга ҳаракат қилаётганини, иккинчи вазиятда эса шағалга ботиб қолган Lacetti, кейинги вазиятларда эса енгил юк машинаси ва оқ Nexia трамвайлар ҳаракатини тўхтатиб қўйганини кўриш мумкин.

Хабарларга илова қилинган бошқа бир суратда «ГАЗ 3110 Волга» (давлат рақами — 01 Y 023 LA) автомобили трамвайнинг шағалли йўлидан ҳаракатланиб кетаётгани тасвирланган. Мазкур фотохабарларга қолдирилган изоҳларда фойдаланувчилар ўтган бир неча кун давомида бир неча Matiz’лар, Epica, Captiva ва бошқа енгил автомобилларнинг шағалга ботиб, трамвайлар ҳаракатига халал берганига гувоҳ бўлгани ҳақида ёзиб қолдирган. Фойдаланувчилар мазкур ҳолатларни кескин танқид остига олган.

«Булар йўлни майда тошга тўлдириб ташлади», — деб ёзади фойдаланувчилардан бири. Ҳодиса гувоҳларидан бирининг қайд этишича, трамвай ҳайдовчилари бесабр автоҳайдовчиларни «аёвсиз сўкмоқда». «Тезроқ шу ердаги таъмирлашни якунлашса яхши бўларди. Тан олиш керак, тиним билмай ишлашяпти», — деб ёзади бир фойдаланувчи.

Йўл ҳаракати қоидаларининг 11.6. бандига кўра, йўлакай йўналишдаги қатнов қисмининг чап томонида жойлашган трамвай изидан шу йўналишдаги бошқа бўлаклар банд бўлганда ҳаракатланишга, айланиб ва қувиб ўтишга рухсат этилади — бунда трамвай йўли автомобиль йўли билан бир сатҳда бўлиши керак («Новза» метро бекати яқинида трамвай йўли бундай эмас). Шунингдек, бундай айланиб ёки қувиб ўтиш вақтида трамвай ҳаракати халал бермаслик ҳам асосий талаб ҳисобланади.