"МЮ" жамоасининг собиқ нидердандиялик ҳужумчиси Робин ван Перси ва "МЮ"нинг ёзги трансферлар вақтидаги хариди бўлмиш бошқа бир нидерландиялик ёш футболчи Мемфис Депай ўртасида келишмовчилик келиб чиққан.

Goal.com нашрида хабар қилинишича, бу жанжал Нидерландия терма жамосининг Европа чемпионати саралаши доирасида Қозоғистонга кечган баҳс олдидан бўлиб ўтган. Бунга ушбу ўйин арафасида ван Персининг ўрнига Депай асосий таркибга киритилгани сабаб бўлган.

"Биз футболчилар билан бу масала бўйича гаплашиб олдик. бу жанжал менинг қарорим билан боғлиқ эмас", дея бу вазиятга муносабат билдирган терма жамоа бош мураббийи Блинд.

"Мен ван Перси яхши формада эмаслиги учун уни ўйин бошидан майдонга туширмадим. У жароҳатларидан тузалган.
Ван Перси ўзини ҳозирда тўла соғлом ҳис қилмоқда. Лекин у Қозоғистонга қарши сафар ўйинида 90 дақиқа ўйнай олмасди. У Чехияга қарши ўйинда майдонга тушиши мумкин, буни эртага ҳал қиламан", дейди мураббий.

"Мен уни юзинчи ўйини учунгина майдонга туширганим ҳақидаги гапларда ҳам асос йўқ", дея ўз сўзини тугатган Блинд.

Эслатиб ўтамиз, айни вақтда "Фенербаҳче" аъзоси ҳисобланадиган ван Перси Қозоғистонга қарши ўйиннинг 87 дақиқасида захирадан майдонга тушганди.

Ушбу учрашув ван Перси учун терма жамоа таркибидаги 100-ўйин эди.