Яманда Саудия Арабистони бошчилигидаги коалиция самолётлари томонидан йўлланган авиазарбалар туфайли қамоқхоналардан бирида камида 20 нафар киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Синьхуа агентлиги хабар берган.

Маълум қилинишича, мамлакат жанубида ҳусийчилар назоратида бўлган Ал-Байда вилоятидаги қамоқхонага ҳаво зарбалари берилган. Бу ҳужум оқибатида яна ўнлаб кишилар жароҳат олган.

Маълумот учун, Яманда ҳукумат ва исёнчи ҳусийчилар ўртасидаги қарама-қаршиликлар 2014 йилнинг августидан буён давом этиб келмоқда. Шу йилнинг январида ҳусийчиларнинг "Ансор Аллоҳ" гуруҳи Яман пойтахти бўлмиш Сано шаҳрини ишғол қилган ва президент Абд Раббо Мансур Ҳодийни шаҳардан ҳайдаб чиқарган. Мансур Ҳодий Ямандаги иккинчи йирик шаҳар Аданга кўчиб ўтган.

Исёнчилар Аданга ҳам ҳужум қилишгач, у 25 март куни Саудия Арабистонига бошпана сўраб, мурожаат қилишга мажбур бўлганди.

Шундан кейин, 26 март куни унинг илтимосига кўра, Саудия Арабистони Яманда қонуний ҳукуматни тиклаш мақсадида исёнчиларга қарши ҳарбий амалиётларга киришди. Кўп ўтмасдан Саудия Арабистони бошчилишидаги коалицияга Баҳрайн, Қатар, Кувайт, БАА, Иордания, Марокаш, Миср ва Судан ҳам кирди.