БМТ ўзининг Афғонистонга кўмак бериш миссиясида ишлаган ҳуқуқ ҳимоячиси Турпоқой Ўлфатнинг ўлимини тасдиқлади ва “ўз ходимасининг ўлдирилишидан аччиқланаётганини” айтди. Бу ҳақда ABC News телеканали маълум қилди.

БМТ Бош котиби Пан Ги Мун марҳуманинг оила аъзоларига ўзи ҳамдардлигини билдирди ҳамда маҳаллий ҳукуматни жиноятнинг тафсилотларини батафсил ва тезкорлик билан тергов қилишга ва жиноятчиларни жавобгарликка тортишга чақирди. БМТ Бош котибининг расмий вакили Фархон Ҳақ жаҳон ташкилоти ходимларига нисбатан зўравонлик қилиш халқаро гуманитар ҳуқуқнинг бузилиши эканлигини эслатиб ўтди.

Дастлабки маълумотларга кўра, охирги йиллар давомида БМТнинг Афғонистонга кўмак бериш миссиясида ишлаган Турпоқой Ўлфат 12 октябрда Қандаҳор шаҳрида ишга кетаётганда ўлдирилган. Мотоциклда бўлган жиноятчилар унга қарата ўқ узган ва воқеа жойидан қочиб кетган. Қотиллик сабаблари ҳозирча номаълумлигича қолмоқда.

Айни пайтда бирорта ҳам гуруҳ ёки шахс ушбу жиноят учун жавобгарликни ўз зиммасига олмади. Қотиллик юзасидан тергов бошланди.

2014 йилнинг 18 январида Қобулдаги терактда худди шу миссиянинг россиялик аъзоси ҳалок бўлган эди. Ўшанда террорчи-худкуш ўзини портлатиши оқибатида 21 киши, шу жумладан 13 нафар хорижлик ҳалок бўлган. Ушбу теракт учун жавобгарликни “Толибон” ҳаракати ўз зиммасига олган эди.