13 октябрь куни Ўзбекистон фавқулодда вазиятлар вазирлиги Халқаро табиий офатлар таҳдидини камайтириш кунига бағишланган матбуот анжумани ўтказди. “Туркистон-пресс” ахборот агентлигининг маълум қилишича, тадбирда ФВВ, ИИВ, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ўзгидромет, Давлат геология қўмитаси, бошқа вазирлик ва идоралар вакиллари иштирок этди.

Бу сана БМТнинг 2009 йил 21 декабридаги №64/200 резолюциясига мувофиқ ҳар йили нишонланади.

Тадбир давомида вазирлик вакиллари мамлакатда табиий офатлар таҳдидини камайтириш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида қисқача ҳисобот берди.
Жумладан, тоғ кўллари ва қор қатламларининг аҳволини, селлар ва тошқинлар юзага келиши мумкин бўлган зоналарни ўрганиш мақсадида Тошкент, Наманган, Самарқанд, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида 8та аэровизуал кузатишлар амалга оширилгани айтиб ўтилди.

Шунингдек, йиғилганларни қизиқтирган саволларга жавоблар берилди. Бу йўналишда Ўзгидромет, Давлат геология қўмитаси ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик йўлга қўйилгани алоҳида таъкидланди.