Британия болалар қочқинлар лагерларида музлаб қолмасидан аввал ҳаракат қилиши лозим, дея ёзмоқда The Independent нашри британиялик сиёсатшунос Иветт Купер сўзларидан иқтибос келтирар экан.
Купернинг фикрича, Британия қуролли можаролар ва улар оқибатларидан азият чекаётган кишиларга кўмак кўрсатиш учун керакли даражада чоралар кўрмаяпти. У бош вазир Дэвид Кэмеронни мазкур масалани иложи борича тезроқ ҳал этишга чақириб, кириб келаётган қиш Яқин Шарқда вақтинчалик бошпана топган 3 миллион қочқин ҳаётига таҳдид солиши ҳақида тўхталиб ўтди. Шунингдек, 2014 йил қишида Ливан ва Туркияда жойлашган лагерларда бир қанча суриялик қочқинлар совуқ туфайли ҳаётдан кўз юмганини эслатиб ўтди.
Ўтган ҳафтада мамлакат фуқаролари парламент биноси қаршисида норозилик намойишини ўтказиб, 2014 йил қишида совуқдан қурбон бўлган суриялик болаларни хотирлашган эди. Фуқаролар мамлакатни қиш келишига қадар оғир аҳволдаги сурияликларнинг бошқа жойларга кўчиб ўтишларига ёрдам кўрсатиш, келгуси беш йил ичида Британияга 50 минг нафардан ортиқроқ суриялик қочқинни қабул қилишга чақирмоқда.
Купернинг сўзларига кўра, айни пайтда мамлакат йилига 4 минг суриялик қочқинни қабул қилиб, бу борадаги энг кичик вазифанинг ҳам уддасидан чиқа олмаяпти.