“Терминатор”, “Титаник”, “Аватар” каби машҳур фильмлар режиссёри Жеймс Кэмерон ўзи суратга олган “Аватар” фильми сюжетларига асосланган комикслар сериясини чиқаришини эълон қилди. Режиссёрнинг айтишича, бу комикслар ўқувчиларга фильмдаги Пандорра сайёраси дунёсига чуқурроқ киришга имкон берадиган янги воқеалар бўлади.

“Аватар” комикслари Кэмерон ва Dark Horse Comics нашриётининг 10 йилга мўлжалланган биргаликдаги лойиҳаси ҳисобланади. Ушбу нашриёт аввалроқ Кэмероннинг “Терминатор”, “Бегоналар” ва “Тубсизлик” фильмлари асосида комикслар чиқарган.

Ҳозирда Кэмерон кино тарихидаги энг кассабоп фильм бўлган “Аватар” фильмининг бирданига учта сиквелини суратга олиш ишларига тайёргарлик кўрмоқда. Биринчи сиквел 2017 йилда экранларга чиқади ва режиссёр ҳар кейинги йилларда йилига биттадан сиквел чиқаришни режалаштирган. Бундан ташқари, ёзувчи Стивен Гулд “Аватар” афсонасининг бир қисми бўладиган тўртта роман устида иш олиб бормоқда.   

Маълумот учун, Кэмероннинг сўнгги ижод маҳсули бўлган “Аватар” фильми 2009 йилда экранларга чиқарилган ҳамда прокатда 2,8 млрд доллар йиғишга муваффақ бўлган.