Чеченистоннинг миллий сиёсат, ташқи алоқалар, матбуот ва ахборот вазири Жонбўлат Умаров Ливияда қўлга олинган “Механик Чеботарев” танкери экипажи аъзолари озод қилинганларини маълум қилди, деб хабар бермоқда РИА “Новости” ахборот агентлиги.

“Чеченистон республикаси президенти Рамзон Қодировнинг дипломатик фаоллиги туфайли “Механик Чеботарев” кемасидан денгизчиларимизнинг озод қилиниш жараёни ўзининг якунига етди. Бизнинг фуқаролар озод этилди”, деб айтди Умаров.

Аввалроқ Рамзон Қодиров Ливияда тутқунликдан озод қилинган кема матроси билан учрашгани ҳақида маълум қилганди. Бунгача танкерда ошпаз бўлиб ишлаган аёл озод этилган. Шунингдек, танкернинг 12 нафар денгизчисидан 8 нафари Астрахань вакиллари экани маълум қилинганди.