Чеченистон раҳбари Рамзон Қодиров Москвада терактни амалга оширишга тайёргарлик кўришда гумон қилиниб қўлга олинган Аслан Бойсултоновни Грознийда ўтган ҳафтада ўтказилган махсус операцияда ўлдирилган деб айтган эди, деб хабар бермоқда “Медиазона” нашри.

ТАСС ахборот агентлигининг маълум қилганидек, 8 октябрда Қодиров журналистларга Грознийда ИШИД тарафдорлари гуруҳининг етакчиси билан икки нафар террорчи йўқ қилинганини маълум қилганди.  

“Булар 1989 ва 1990 йилларда туғилган Аслан Бойсултонов ва Магомед Мазаев”, деб айтганди Қодиров ва барча ўлдирилганларда зарурат туғилганда Чеченистонни тарк этиш учун қалбаки ҳужжатлар бўлганини аниқлаштириб ўтган.

Россия Федерал хавфсизлик хизмати маълумотларига кўра, Бойсултонов Москвадаги терактни амалга ошириш учун мўлжалланган бомбани Грознийдан олиб келган.