Австралияда 6 кун олдин саҳрода йўқолиб қолган ҳаваскор овчи топилди.

60 ёшли собиқ кончи Реджинальд Фоггертининг ўзи ҳикоя қилишича, у ўз шериклари билан Австралия ғарбидаги Голдфилд-Эсперанс тумани ҳудудига ов қилиш учун йўл олган. У ов вақтида улкан ёввойи туяни кўриб, ўлжани таъқиб этишга тушган ва ҳамроҳларидан ажралиб қолган.

Ҳаваскор овчи бир неча соат давомида туяни таъқиб юргач, беҳуда ишни тўхтатиб ортига қайтаётганида адашиб қолганини англаган.

Жаноб Фоггерти ортига қайтмагач, кейинги кун тонгидан уни қидириш ишлари бошланган.

Уни 6 кун ўтиб, ов лагеридан 15 км масофадаги саҳрода топишган.

Маълум бўлишича, собиқ кончи бу 6 кун давомида чумоли истеъмол қилиб жон сақлаган ва қуёш қиздирган маҳалда улкан дарахт остига бекинган.

У бу олти кун ичида сув ичмасдан яшашга мажбур бўлган.

Шунга ўхшаш ҳолат Австралияда 2006 йилда ҳам кузатилган, ўшанда Рики Миги исмли шахс қитъанинг шимолида йўқолиб қолиб, 10 ҳафта давомида қурбақа ва зулукларни еб жон сақлашга мажбур бўлганди.