Швейцариянинг Rinspeed компанияси Etos номли янги автомобиль прототипини ишлаб чиқди. Компания гибрид спорткар деб атаётган концепт 2016 йил январда Лас-Вегасда CES истеъмолчилик электроникаси кўргазмасида намойиш қилинади.   

Etos’нинг куч қурилмалари ҳақида ҳеч қандай маълумот берилмаган. Компанияда фақатгина концепт-кар “интуитив, мослашувчан, ўргатилувчан автопилот” билан жиҳозланганлиги айтилди. Автопилот ишга туширилганда автомобиль рул чамбари тўлиқлайин асбоблар панелига кириб кетади, эгилган дисплейлар эса ҳайдовчи ва йўловчига яқинроқ сурилади.

Автомобиль, шунингдек, Harman мультимедиа тизими ва дрон  билан жиҳозланган. Автомобилнинг орқа қисмида дроннинг қўниши учун жой бор. Дрон ёрдамида, мисол учун, машинани ҳаракати давомида тасвирга олиш мумкин.

Бу янги концепт-кар компания яратган 21-концепт-кардир ва Etos компаниянинг Швейцариядан ташқарида илк бор намойиш қилинадиган биринчи прототипи бўлади.

Компаниянинг охирги концепт-кари Budii бўлиб, у BMW i3 негизида яратилган. Прототип телескопик лазер ёрдамида ишлайдиган автоном бошқариш тизими билан жиҳозланган. Телескопик лазер машина томидан 70 см баландликка кўтарилиб, атроф-муҳитнинг 3D-тасвирини яратади.