Тошкентда Ўзбекистон ва Хитойнинг Шаньси провинцияси ишбилармон доиралари вакиллари иштирокида бизнес-форум ва кооперация биржаси бўлиб ўтди

Тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси, Хитой халқаро савдо тараққиётига кўмак бериш қўмитаси ва Хитой Халқ Республикасининг мамлакатимиздаги элчихонаси томонидан ташкил этилди. 

Бизнес-форум ва кооперация биржаси мавжуд алоқаларни мустаҳкамлаш ҳамда янги лойиҳаларни муҳокама қилиш учун қулай имконият бўлиб хизмат қилади. 

Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари Назира Дадахонованинг таъкидлашича, бундай тадбирлар Ўзбекистон – Хитой иқтисодий ҳамкорлигини ташкил қиладиган улкан имкониятларнинг бир қисми, холос. Ҳамкорликдаги бизнес-форумлар ва турли тадбирлар икки томонлама муносабатларни янги мазмун билан бойитишда муҳим аҳамиятга эга. 

Бу галги бизнес-форум ва кооперация биржасида машинасозлик, фармацевтика, тўқимачилик, қурилиш, озиқ-овқат, кимё саноати, электротехника, муқобил энергия манбалари, замонавий технологиялар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳасида фаолият юритаётган концерн ва компанияларининг вакиллари иштирок этди. 

Тадбир якунида турли соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича қатор инвестициявий шартномалар имзоланди.