Франция ўз хавфсизлигига таҳдид туғдириб, бевосита мамлакат ҳудудида терактларни содир этишни режалаштираётган ИШИД террористик гуруҳига қарши кураш олиб бормоқда. Яқин Шарқ мамлакатлари бўйлаб сафарга отланган Франция бош вазири Манюэль Вальс шундай баёнот билан чиқди.

“Биз ИШИД билан Франция ҳудудида терактлар тайёрлашга ҳозир бўлгани учун кураш олиб бораяпмиз”, - деди Вальс BFM TV телеканали эфирида.

Франция ҲҲК самолётлари франциялик террористлар ҳам машғулотлар олиб бораётган Суриядаги ИШИД тайёргарлик лагерларига авиазарбалар бермоқда. Экспертларнинг қайд этишича, улар Европага қайтган тақдирда, хавфсизлик учун жиддий таҳдид туғдириб, махсус хизматлар учун ҳақиқий бош оғриғи бўлиши мумкин.

Вальснинг таъкидлашича, Яқин Шарқдаги ҳарбий ҳаракатлар мобайнида жами бўлиб 136 нафар Франция фуқароси йўқ қилинган. Улар орасида бир неча худкушлар ҳам бўлиб, улар ИШИД томонидан йирик аҳоли пунктлари ва ҳарбий блок-постлар олдида терактлар содир этиши учун махсус тайёрланган.