Аввал хабар қилганимиздек, Абдусаматов бошчилигидаги Ўзбекистон Республикаси делегацияси 2015 йилнинг 12-13 октябрь кунлари Милан шаҳрида (Италия) бўлиб ўтадиган Атроф муҳит ва сув ресурслари бўйича юқори даражадаги “Европа Иттифоқи – Марказий Осиё” бешинчи конференциясида иштирок этди.

Конференцияда қайд этилишича, сўнгги 15 йил ичида Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти энергия сиғими (маҳсулот тайёрлаш, хизмат кўрсатиш бўйича технологик жараёнда энергия истеъмол қилиш қиймати) 55 фоизга камайди.

Маълумот учун, Ўзбекистон ЯИМ энергия сиғими 2000 йилдан буён 0,98 нефть эквивалентидаги тоннадан 0,48 гача пасайган.
Айни пайтда мамлакатимизда саноатнинг энергия самарадорлигини Жаҳон банкининг 125 миллион долларлик кредитлари ҳисобидан ошириш дастури амалга оширилмоқда. Бу соҳага киритиладиган инвестициялар энергетика тизимлари, ишлаб чиқариш ускуналарини алмаштириш ёки модернизация қилиш, иситиш учун иккиламчи иссиқликдан фойдаланиш, қайта ишланадиган энергия манбаларини қамраб олади.

Расмий маълумотларда келтирилишича, Ўзбекистонда 2030 йил охирига қадар энергия манбаларига бўлган талаб 2013 йилга нисбатан 5,5 фоизга ўсади ва ЯИМнинг йилига 8—8,5 фоизга ўсиши суръати сақланиб қолган ҳолда 43,5 миллион нефть эквивалентидаги тоннани ташкил этади.