Халқаро ҳаваскор боксчилар ассоциацияси (AIBA)нинг 14 октябрь куни бўлиб ўтган ижроқўм йиғилишида ташкилот раҳбари Чинг-Ку Ву 2017 йилги Жаҳон чемпионати баҳслари Германиянинг Гамбург шаҳрида ўтказилишини тасдиқлади. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар қилган.

Даставвал 2017 йилги жаҳон чемпионати мезбонлиги учун уч шаҳар даъвогарлик қилган эди. Даъвогарлар аризаси ҳар томонлама ўрганиб чиқилди ва якунда XIX жаҳон чемпионатига Гамбург шаҳри мезбонлик қиладиган бўлди.

“Халқаро ҳаваскор боксчилар ассоциацияси томонидан бизга билдирилган юксак даражадаги ишонч билдирилганидан хурсандмиз, – дейди AIBA ижроқўми аъзоси, Германия бокс федерацияси президенти Юрген Кьяс. Биз эндиликда бўлажак жаҳон чемпионатини сабрсизлик билан кутамиз. Мазкур жаҳон чемпионати спортнинг ушбу турини Германияда янада тараққий этишига хизмат қилади”.

Ўз навбатида AIBA вице-президенти, Европа бокс конфедерацияси раҳбари Франко Фалчинелли ушбу қарор юзасидан ўз фикрларини баён қилар экан, Германия каби бутун Европа ҳам ушбу жаҳон чемпионатини қитъада ўтказилишидан фахрланишини ва яна икки йилдан сўнг Гамбургда ўтказиладиган жаҳон чемпионати ҳам юксак савияда ўтишига ишонч билдирди.

Эслатиб ўтамиз, бунга қадар бокс бўйича жаҳон чемпионати Германияда икки маротаба ташкил этилган. 1982 йилги дунё биринчилиги Мюнхен шаҳрида ўтказилган бўлса, 1995 йилги жаҳон чемпионати баҳсларига Берлин шаҳри мезбонлик қилган.