Бокс. ЖЧ финалида ўзбекистонлик уч нафар спортчи рингга чиқади

Спорт 14 Октябрь 2015 2866

Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида давом этаётган жаҳон чемпионатида 12 октябрь куни яна беш вазн тоифасида жанглар ўтказилиб, ҳал қилувчи финал босқичига чиққан спортчилар номи маълум бўлди.

12 октябрь куни ўтказилган ярим финал жангларининг якунига кўра ўзбекистонлик уч нафар боксчи Элнур Абдураимов (60 кг), Элшод Расулов (81 кг) ва Баҳодир Жалолов (+91 кг) жаҳон чемпионатининг бронза медалларига сазовор бўлганди.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, ушбу жаҳон чемпионатига қадар Ўзбекистон терма жамоаси мустақил жамоа сифатида 11 бор жаҳон чемпионатида иштирок этган ва бир мусобақада учта бронза медалига сазовор бўлмаган. 2003 йили Таиландда, 2005 йили Хитойда, 2009 йили Италияда, 2011 йили Озарбайжонда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатларида ҳамюртларимиз иккитадан бронза медали билан тақдирланишган.

Қатарда ўтаётган жаҳон чемпионатида яна уч нафар чарм қўлқоп усталаримиз ҳал қилувчи финал босқичда олтин медаллар учун рингга чиқадилар. Бундай ҳолат 1999 йили Хьюстон (АҚШ)да ўтказилган жаҳон чемпионатида кузатилган. Ўшанда Муҳаммадқодир Абдуллаев (-63,5 кг) ва Ўткирбек Хайдаров (-75 кг) олтин, Тўлқинбой Турғунов (-57 кг) эса кумуш медалга сазовор бўлишган эди.

14 октябрь куни рингга чиқадиган Ўзбекистон вакиллари бу борада ҳам аввалги кўрсаткичларни янада яхшилашга астойдил харакат қилишлари кутилмоқда.

Демак, бугун -49 кг, -56 кг, -64 кг, -75 кг, ва -91 кг вазн тоифаларида дастлабки финал жанглари ўтказилади. Шу куни Муроджон Аҳмадалиев (-56 кг) ирландиялик Майкл Конлонга, Фазлиддин Ғоипназаров (-64 кг) россиялик Виталий Дунайцевга, Бектемир Мелиқўзиев (-75 кг) эса Куба вакили Арлен Лопесга қарши баҳс юритади. Қолган вазн тоифаларидаги финал жанглари 15 октябрь куни ўтказилади.

 

Кўпроқ янгиликлар