Canon компанияси ойсиз тунларда, 0,0005 люкс ёруғликда суратга олувчи ME20F-SH камерасини намойиш қилди. Бу ҳақда Canon Expo-2015 тадбирида маълум қилинди.

Қурилма кенг омма учун эмас, балки астрономик кузатувлар ва видеокузатув тизимларига мўлжалланган. Бироқ унинг конструкциясида худди профессионал фотокамералардаги каби 35 миллиметрли матрица қўлланган. Унинг сезгирлиги Canon EOS-1D X флагман фотокамерасиникидан 80 маротаба кучлироқ (4 млн ISO бирлиги).

Canon илмий лойиҳаларда ҳам иштирок этмоқда, хусусан компания яратган диаметри 67 смли линзалар Subaru телескопида ишлатилган. Янги қурилаётган 30 метрли TMT (Thirty Meter Telescope) телескопида компаниянинг сиртларга ишлов бериш технологиялари 472 та олтибурчакли сегментлардан ташкил топган, кўрсатилган диаметрдаги акслантирувчи элемент яратишга имкон берди. Бу обсерваториянинг ёруғлик сезувчанлиги Subaru  телескопиникидан 13 марта, кўрсатиш қобилияти эса 4 марта кўпроқ бўлади. 

Canon Expo кўргазмаси 5 йилда бир маротаба ўтказилади. Кўргазма доирасида компания мавжуд маҳсулотлари ва истиқболдаги технологияларни намойиш қилади. Жорий йилда Canon президенти Фудзио Митераи компания фаолиятининг стратегик йўналишлари сифатида буюмлар интернети, тиббий технологиялар, виртуал реаллик, 8К қобилиятида кинематографик суратга олиш ҳамда тасвирларни сақлаш ва бошқариш технологияларини айтди.