2015 йилнинг 28-29 сентябрь кунлари Атом энергетикаси халқаро агентлиги (МАГАТЭ)нинг ядро хавфсизлиги масалалари бўйича директори Хамбар Мрабит хизмат сафари билан Ўзбекистон Республикасига ташриф буюрди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизматининг хабар беришича, ташриф дастурига мувофиқ 28 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Врачлар малакасини ошириш институтида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, “Саноатгеоконтехназорат” ДИ, Давлат божхона қўмитаси мутасадди раҳбарлари ва бошқалар иштирокида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувни “Саноатгеоконтехназорат” ДИ ўринбосари А.Юнусов очиб, республикада ядро хавфсизлиги йўналишидаги олиб борилаётган ишлар савияси, Ўзбекистон Республикаси билан мазкур Агентлик ўртасидаги икки томонлама муносабатларнинг ҳозирги босқичи ва ривожи тўғрисида фикр билдириб, учрашув кун тартиби, мақсад ва вазифалари билан таништириб ўтди.

Атом энергетикаси халқаро агентлигининг ядро хавфсизлиги масалалари бўйича директори Х.Мрабит Агентликнинг фаолияти ва ядровий хавфсизликни таъминлаш борасида ҳамкорликда олиб борилаётган ишлар, эришилган ютуқлар тўғрисида гапириб ўтди.

Учрашув якунида Атом энергетикаси халқаро агентлиги томонидан беғараз кўмак тариқасида тақдим этилган махсус асбоб-анжомларни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигига ҳамда Давлат божхона қўмитасига тантанали равишда топшириш маросими бўлиб ўтди.