NYT: Суриядаги мухолифат жангарилари АҚШдан авиацияга қарши қурол-аслаҳа сўрамоқда

Жаҳон 14 Октябрь 2015 4396

Сурия мухолифати жангарилари қўмондонлари Россия мамлакатда операция бошлаганидан кейин уларга АҚШнинг танкка қарши йирик қурол-аслаҳалари етказиб берилаётганини таъкидламоқдалар, деб ёзмоқда New York Times нашри.

“Биз сўраган нарсамизни қисқа вақт давомида олмоқдамиз”, деб айтди нашрга гуруҳлардан бирининг қўмондони.

Нашрнинг таъкидлашича, танкка қарши TOW ракета мажмуалари биринчи марта минтақага АҚШ, Саудия Арабистони ва Вашингтоннинг бошқа иттифоқчиларининг  махфий дастури доирасида 2013 йилдан етказиб берила бошланган. Исёнчиларнинг айтишича, 2013 йилда Саудия Арабистони бу мақсадда АҚШдан 13 мингта TOW мажмуасини сотиб олган. Қайд этилишича, ушбу операцияни Пентагон эмас, балки Марказий разведка бошқармаси ўтказмоқда.

Ҳозирда қурол-аслаҳа етказиб берилиши ҳажми анча ошган. “Биз қурол-аслаҳадан қанча ва қачон керак бўлса олишимиз мумкин. Бунинг учун керакли миқдорни айтсак бўлди”, деб айтди мухолиф гуруҳлардан бирининг вакили. Унинг фикрича, бу ўзгаришлар Россиянинг ихтилофга аралашуви билан боғлиқ бўлмоқда.

Бу ҳолат назарга олинса, Сурия ихтилофи Россия ва АҚШ ўртасидаги воситачилик урушига айланиши хатари мавжуд, деб таъкидламоқда нашр.

Нашрнинг ёзишича, суриялик исёнчилар Вашингтондан ва унинг иттифоқчиларидан шунингдек ҳукумат ва Россия авиациясига қарши қўллаш учун зенит қурол-аслаҳалари ҳам сўрамоқда. Охирги марта бундай сўров 10  кун аввал Туркиядаги тезкор марказ орқали берилган. Нашрнинг таъкидлашича, АҚШ қурол-аслаҳа экстремистлар қўлига тушиб қолишидан хавотирланиб, ҳозирча исёнчиларнинг бу илтимосини қондиришга шошилмаяпти.

Кўпроқ янгиликлар