8 октябрь куни Ўзбекистон фуқароси “Твиттер” орқали бир неча маротаба ИШИД қўлидан қутқаришларини сўраб мурожаат қилди. Ўзининг маълум қилишича, йигит ҳамюртлари томонидан алдов йўллари орқали ИШИД жангариларига сотиб юборилган ва агарда ҳеч ким ёрдамга келмаса, уни ўлдириб юборишади.

Central Asia Online маълумотларига кўра, 8 октябрь куни Жалолиддин Қодиров исмли “Твиттер” фойдаланувчисидан 14та хабар қолдирилган. У @yordamberilar аккаунти орқали твиттерчилардан ёрдам сўраган.

Уларда йигит алдов йўллари орқали Туркиянинг Хатай шаҳрига олиб келингани айтилган. Бу ерда Ислом исмли ҳамюрти уни ИШИД жангариларига сотиб юборган. Террористлар уни Суриядаги урушга боришдан бош тортгани учун ҳибсда сақламоқда. Унинг сўзларига кўра, икки марта қочиб кетишга ҳаракат қилган, бироқ тутиб олиб, калтаклашган.

Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонасининг хабар қилишича, Туркия ҳукумати билан боғланиб, Қодировни топиш ва унинг тарихи қанчалик ҳаққоний эканлигини ўрганиш сўралган.