2015 йилнинг 21-31 октябрь кунлари Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида 2016 йил Бразилиянинг Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтадиган XV ёзги Паралимпия ўйинларига тўғридан-тўғри йўлланмалар берадиган енгил атлетика бўйича жаҳон чемпионати ўтказилади. 

Дунёнинг етакчи енгил атлетикачилари иштирокида бўлиб ўтадиган мазкур нуфузли мусобақада Ўзбекистон шарафини 11 нафар паралимпиячимиз ҳимоя қилади.

Жумладан, турли масофаларга югуриш баҳсларида Фахриддин Ҳамроев, Улуғбек Чориев, Маъруфжон Муродуллаев, Сирожиддин Норов ва Миран Сахатов стартга чиқишади.

Ядро ва диск улоқтириш баҳсларида эса тажрибали спортчиларимиз Хусниддин Норбеков ҳамда Мавлонбек Ҳайдаров ғолиблик учун кураш олиб боришади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон терма жамоаси таркибидан Санобар Собирова, Дилафрузхон Ахмадхонова (иккаласи ядро улоқтириш), Мансур Абдирашидов (югуриш) ва Бекжон Чеваров (узунликка сакраш) каби иқтидорли спортчилар ҳам ўрин эгаллашган. Ушбу спортчилар ёш бўлишлигига қарамай, турли даражадаги халқаро мусобақаларда муносиб қатнашиб, терма жамоа мураббийлари ишончини қозонишга муваффақ бўлишди.

“Давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 25 февралда қабул қилинган “Ўзбекистон спортчиларини 2016 йил Рио-де-Жанейро шаҳри (Бразилия)да ўтказиладиган XXXI ёзги Олимпиада ва XV Паралимпия ўйинларига тайёрлаш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида терма жамоалармиз захирасини иқтидорли ёшлар билан бойитишга ҳам алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда – дейди Ўзбекистон Миллий паралимпия ассоциацияси раис ўринбосари Умид Ахмаджонов. Бунинг самараси ўлароқ, бугунги кунда ҳар бир терма жамоамизда маҳоратли спортчиларнинг муносиб издошлари камолга етмоқда. Қатар давлатига йўл олаётган ёшларимиз ҳам бир қатор халқаро турнирларда иштирок этиб, халқаро тажрибаларини бойитиб боришяпти. Шуни ишонч билан айтишим мумкинки, улар навбатдаги мусобақада ҳам Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, ўзларига билдирилган ишончни оқлайдилар”.

Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 17 октябрь куни Доҳага йўл олади.

Эслатиб ўтамиз, айни пайтга қадар паралимпиячилар 2016 йилги Паралимпия ўйинларига 22та йўлланмани нақд қилиб қўйишган.