Россия президенти Владимир Путин давлат хизматчиларига фақатгина Россия ёки Евроосиё иқтисодий иттифоқи авиакомпаниялари билан учишга рухсат берувчи қарорни имзолади.

Учиш рухсат берилган авиакомпаниялар “давлат хизматчисининг сафарга борадиган жойига йўловчи ташишларни амалга оширмаса ёки бу авиакомпанияларнинг рейсларига сафар ҳужжатларини расмийлаштириш давлат хизматчиси сафарининг бутун муддати давомида йўқлиги сабабли имкони бўлмаган тақдирда” хорижий компаниялар хизматларидан фойдаланиш мумкин.

Март ойида “Аэрофлот” бош директори Виталий Савельев ҳукуматга амалдорларни хизмат сафарига боришда Россия авиаташувчилари рейсларидан фойдаланиш мажбуриятини қўйишни таклиф қилган эди. “Исталган маҳаллий авиакомпания билан учиш керак. Албатта “Аэрофлот” бўлиши шарт эмас”, деб таъкидлаб ўтган Савельев.

Савельевнинг айтишича, бундай чоралар кўплаб давлатларда, мисол учун Хитойда амал қилади. Бу ерда исталган даражадаги амалдорларга маҳаллий авиташувчи ишлайдиган йўланишларда хорижий авиакомпаниялар хизматларидан фойдаланиш тақиқланган.

6 октябрда давлат хизматчиларига Google, Yahoo ва WhatsApp орқали алоқа қилишни тақиқловчи қонун лойиҳаси тайёрлангани маълум қилинганди. Ушбу ташаббус “Россияни ҳимоя қиламиз” жамоатчилик ташкилотининг раҳбари Михаил Марченко ва Давлат думаси депутати Вадим Соловьевга тегишли. “Юқори лавозимдаги амалдор узатаётган исталган маълумот хорижий разведкалар учун қизиқиш уйғотади”, деб таъкидлаб ўтди Марченко.