Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида давом этаётган бокс бўйича жаҳон чемпионатида финал баҳслари давом этмоқда.

Вазни 64 кг.гача бўлган вазн тоифасида ҳал қилувчи жангга етиб келган Фазлиддин Ғоибназаров кумуш медаль билан ортга қайтадиган бўлди. Ҳамюртимиз финалда россиялик Виталий Дунайцевга қарши жанг олиб борди.

Аҳмадалиев каби Ғоибназаров ҳам жангни фаол бошлади ва биринчи раундда рақиб боксчисига кетма-кет зарбалар йўллади. Аммо иккинчи рақам остида ҳаракат қилган рус боксчиси ҳам қарши ҳужумда бир нечта зарбалар йўллашга муваффақ бўлди. Ҳакамларнинг икки нафар дастлабки раундда устунликни Дунайцевга берган бўлса, бир нафари Фазлиддиннинг устунлиги қайд этди.

Россиялик боксчи яна бир раундда устунликка эришса, жангни ўз фойдасига ҳал қилишини биларди ва иккинчи бўлимда фаолликни оширди. Натижада яна ўша икки ҳакам 10:9, 10:9 ҳисобида Дунайцевга устунлик ёзди.

Учинчи бўлимда ҳамюртимиз фаол бўлишга ҳаракат қилди. Рақибни нокдаунга туширишга ҳаракат қилди, аммо россиялик бунга имкон бермади. Сўнгги раундда барча ҳакамлар устунликни Ғоибназаровга беришди, аммо бу умумий ғалаба учун камлик қилди. 29:28, 29:28, 27:30.