Бугун, 14 октябрь куни Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида давом этаётган жаҳон чемпионатида финал ўйинлари ўтказилиши бошланди.

Финалга чиққан 3 нафар Ўзбекистон вакиллари орасида дастлаб -56 кг вазн тоифасида Муроджон Аҳмадалиев Ирландия вакили Майкл Конлонга қарши рингга чиқди.

Бу ўйинда биринчи раундда Муроджон Аҳмадалиев фаол ҳаракатлари билан эсда қолган бўлсада, ҳакамлар 30:27 ҳисобида ирландиялик спортчини устун деб топишди. Иккинчи раундда ҳам қизил либосли боксчининг фаол ҳаракатлари кўриниб турди, лекин ҳакамлар яна Аҳмадалиевнинг рақибига 29:28 ҳисобида устунлик ёзишди.

Учинчи раундда Муроджон Аҳмадалиев тўлиқ устунлик кўрсатди ва рақиб ундан ринг бўйлаб қочиб юрди.

Вазиятларнинг бирида эса у ирландиялик боксчини полга қулатди, лекин бу ғалаба учун етарли бўлмади. Ҳисоб яна 29:28.

Натижада, баҳсда 3:0 ҳисоби қайд этилиб, Конлонга ғалаба ёзилди.

Шу тариқа Муроджон Аҳмадалиев Ўзбекистон терма жамоаси ҳисобига илк кумуш медал олиб келди.