Қирғизистоннинг Иссиқ-Кўл туманида 5 ойлик қиз очликдан вафот этди. Бу ҳақда Turmush ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари маълумотига асосланиб хабар берди.
Хабар қилинишича, ҳодиса 2015 йилнинг 6 сентябрь куни содир бўлган.

Токтогул тумани фуқароси ҳисобланган 28 ёшли А.Насипкан 5 ойлик қизи Э.Алимани Иссиқ-кўл туманида яшовчи Гулжан исмли аёлга топшириб, Туркияга ишлаш учун кетади. Икки ой давомида А.Насипкан Гулжанга 15 минг сом миқдорида пул жўнатиб туради.
6 сентябрь куни Алима хушдан кетади. Уйга етиб келган  ходимлари унинг оламдан ўтганини қайд этишади.
Ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг аниқлашича, боланинг ошқозони бўш бўлган. Суд-тиббиёт экспертизасининг якуний хулосалари яқин вақтлар ичида эълон қилинади.

Гулжаннинг сўзларига кўра, у қизчани ҳар уч соатда махсус болалар озуқасини бериб турган. “Вақти келмагани сабабли уни овқатлантирмаган эдим. Унинг юрагида шовқин борлигидан бехабар эдим. Агарда билганимда, нима бўлганда ҳам унинг йиғлашига йўл қўймас эдим”, - деди у.

Қизнинг онаси фарзанди оламдан ўтгани ҳақида хабар топиши билан ватанига қайтиб келиб, унинг дафн маросимида иштирок этган ва яна ортга – Туркияга қайтиб кетган. У Гулжанга нисбатан ҳеч қандай даъво талаб қилмаган.