Рамзон Қодиров Москвада қўлга олинган террорчи Аслан Бойсултановнинг аввалроқ гўёки ўлгани ҳақидаги айтган хабари борасидаги вазиятга ойдинлик киритди.

Аввалроқ ОАВда Бойсултанов қўлга олинишидан бир неча кун аввал Чеченистон раҳбари унинг исмини Грознийда ўлдирилган жангарилар қаторида айтиб ўтгани ҳақидаги маълумот пайдо бўлганди.

“Грознийда операция ўтказган ҳуқуқ-тартибот муассасалари раҳбарлари воқеа жойида Чергизов, Бойсултонов ва Мазаев номларига учта паспорт аниқланганини айтишган эди. Бу ҳақда мен “қайноқ излар асосида” ОАВ саволларига жавобан айтганман. Тезкор-тергов гуруҳининг кейинги ишида ўлганлар орасида Бойсултонов йўқлиги аниқланган. Бир неча соатдан кейин Грознийдан Россия ИИВ ва ФХХга юборилган хабарда Бойсултонов ўрнига Башанев ўлдирилгани ёзилган эди”, деб ёзди Қодиров инстаграмда.

Рамзон Қодиров Чеченистон ҳуқуқ-тартибот муассасалари ходимларининг сифатли ишлагани туфайли Москвадага теракт бартараф этилганини таъкидлаб ўтган.

Аввалроқ Бойсултонов Чеченистондан Москвага бомба олиб келгани маълум бўлганди. Баъзи маълумотларга кўра, Бойсултонов ва унинг шериклари ИШИДнинг Суриядаги лагерларида тайёргарликдан ўтган.