Гонконгнинг энг йирик авиакомпанияси Cathay Pacific Эрон ва Каспий денгизи устидан парвозларни Суриядаги жангарилар позицияларига Каспий денгизидан Россия ракеталари отилаётгани сабабли тўхтатишга қарор қилди. Бу ҳақда South China Morning Post нашри маълум қилди.

Нашрнинг маълумотларига кўра, авиакомпания Европа авиация хавфсизлиги агентлигининг қанотли ракеталар йўловчи самолётларига хавф солиши мумкинлиги ҳақидаги огоҳлантиришига амал қилган. Бу ҳудудлардан парвозлар 8 октябрдан тўхтатиб қўйилди. Хусусан, аввал Каспий денгизи устидан ўтган Римга рейслар ҳозирда Шимолий Хитой ёки Москва орқали амалга оширилмоқда.

Авиакомпания парвозлар тўхтатилганини тасдиқлади ва вазиятни таҳлил қилаётганини айтди.

Нашрнинг таъкидлашича, агар ракеталар отилиши давом этса, бошқа авиакомпаниялар, жумладан Air France ҳам ушбу ҳудудлар устидан парвозларни тўхтатиши мумкин.

7 октябрда Россия ҳарбий-денгиз флоти Каспий флотилиясининг 4 та ракета кемаси “Калибр” русумидаги 26 та ракета билан ИШИДнинг Суриядаги позицияларига зарба берган.