Шу йилнинг 15-25 октябрь кунларида Туркия Республикасининг малакали шифокорлари делегацияси Ўзбекистонга ташриф буюришади. 

Делегация Фарғона вилояти болалар кўптармоқли тиббиёт марказида (Фарғона шаҳри, Алишер Навоий кўчаси 56-уй) бўлади.

“Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фонди жисмонан бақувват, маънан етук, руҳан тетик фарзандларни тарбиялашда, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, “Соғлом авлод” ҳаракатини ривожлантириш мақсадида бир қатор тадбирларни ўтказмоқда.

“Соғлом авлод учун” фонди хорижий ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда, ҳукумат қарорлари ҳамда Давлат дастурлари ижросини таъминлаш учун бемор ва ногирон болаларни соғломлаштириш йўлида қатор лойиҳаларни амалга ошириб келмоқда. 2015 йил давомида Фонд оналик ва болаликни муҳофаза қилиш йўналишда Германиянинг “Friedensdorf International” халқаро ташкилоти, Корея Республикасининг “Save the Children” халқаро фонди, Корея халқаро соғлиқни сақлаш KOFIH фонди, “Vision Care Servise” ва “Siloam Center for the Blind” хайрия ташкилотлари, Ewha Womans University, Severance University, Ин Ха ва Пундан Ча Университетлари госпиталларида туғма юрак нуқсони, терининг куйиш асоратлари, туғма қўл-оёқ бўғимлари ва бошқа ташхислар билан оғриган Ўзбекистонлик бемор болаларни бепул соғломлаштирди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 1 августдаги ПҚ-2221-сонли “Ўзбекистонда аҳоли репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш оналар, болалар ва ўсмирлар соғлигини муҳофаза қилиш Давлат дастури тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ, болаларни республика клиникаларида ва тиббиёт марказларида ҳамда чет элда соғломлаштириш, шу жумладан, туғма юрак нуқсонлари билан туғилган болаларни соғломлаштириш ва тезкор даволаш, юқори лаб ва қаттиқ танглайнинг туғма нуқсонлари бўлган бемор болаларни соғломлаштиришдек ишларда “Соғлом авлод учун” фонди бир қатор лойиҳаларни амалга оширмоқда.

Бу соҳада Фонд Туркия Республикаси билан бир қатор соғломлаштириш дастурларини амалга ошириб келмоқда. Ушбу хайрли ишларни давом эттириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 12 октябрь 2015 йилда тасдиқланган 10/1-139-сонли ташриф Дастури асосида 2015 йилнинг 15-25 октябрь кунлари Туркия Республикасининг малакали шифокорлари (17 нафар профессор пластик жарроҳлар, анестезиологлар ва бошқа мутахассислар) томонидан Республикамиз ҳудудида: (16-23 октябрь кунлари соат 09:00-18:00гача Фарғона шаҳридаги вилоят болалар кўптармоқли тиббий маркази (Алишер Навоий кўчаси 56-уй) Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларидан келган юз соҳасидаги туғма ва куйишдан кейинги асоратлар, юқори лаб ва қаттиқ танглайнинг туғма нуқсонлари бўлган болаларни умумий чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказишиб, оғир деб топилган бемор болалар жарроҳлик йўли билан соғломлаштирилади. Туркия Республикасидан келган ушбу делегация аъзолари ўзлари билан олиб келган дори-дармон ва санитария-гигиена воситалари ёрдамида қўйилган ташхислар асосида беморларни даволайдилар.

Маълумот ўрнида айтиб ўтиш жоизки, 2014 йилнинг 10-20 октябрь кунлари Туркия Республикасининг малакали шифокорлари юртимизга ташриф буюриб, жами 201 нафар юқорида кўрсатилган ташхисли бемор болаларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказишган. Шулардан оғир деб топилган 105 нафар бемор болаларни жарроҳлик йўли билан соғломлаштирилган эди.