Туркия бош вазири Аҳмад Довудўғлу Анқарадаги терактни ташкил қилишда қатнашгани гумон қилинаётган 10 кишининг ҳибсга олингани ҳақида баёнот берди. Бу ҳақда маҳаллий нашрларга асосланиб, РИА Новости хабар берган.

"Теракт ижрочиларини қидириш ишлари давомида 10 киши ушбу терактга алоқадорлиги учун қўлга олинди. Улар ИШИД ва Курдистон ишчилар партияси аъзолари экани аниқланган", дейди Довудўғлу.

Охирги маълумотларга кўра, 10 октябрь кунги теракт қурбонлари сони 99 нафарни ташкил этмоқда.

Бугундан Туркия ҳукумати суд орқали ОАВнинг теракт ҳақида маълумотлар тарқатишини тақиқлаб қўйди.

Эслатиб ўтамиз, 10 октябрь куни Туркиянинг Анқара шаҳри марказида курдлар томонидан "Тинчлик ва демократия учун" шиори остида мамлакат ҳукуматига қарши норозилик намойиши учун йиғилган ҳудудда худкуш-террорист томонидан 2 марта теракт содир этилган эди.

Терактдан бир неча кун ўтиб, полиция бу терактда ИШИД жангариларининг қўли борлигини аниқлаганди.