Бу йил Тошкентнинг “Бунёдкор” клуби ташкил этилганига 10 йил тўлди. Кўплаб мухлис- мутахассисларни “қалдирғочлар”нинг 10 йиллик юбилейи қай тарзда нишонланиши қизиқтирмоқда.

Ўзбекистоннинг байроқдор жамоаларидан бирига устозлик қилаётган Бахтиёр Бобоевнинг SPORTS.uz мухбирига айтишича, 10 йиллик тантанаси тадбирлари йил охирига қадар ўтказилади.

“Бунёдкор” ташкил этилганининг 10 йиллиги муносабати билан тадбирлар жорий йил мобайнида ўтказиб келинмоқда. Ўсмирлар ўртасида халқаро турнир, футбол ва меҳнат фахрийларини учрашувларимизга таклиф этиш, мухлислар ҳамда ёшлар ташкилоти фаоллари билан учрашувлар ўтказиш, юбилейга аталган видеоролик ва ҳужжатли фильм яратиш, китоб ва эсдалик совғалари тайёрлаш кабилар амалга оширилмоқда. 10 йил мобайнида эришилган зафарларимиз барчага яхши маълум. Шу боисдан юбилейни ўтказиш фақатгина Кубок финали натижасига боғлиқ эмас. Йил охирига қадар турли тадбирлар давом этади, - дейди Бобоев.

Таъкидлаб ўтамиз, “Бунёдкор” 17 октябрь куни Ўзбекистон Кубоги финалида Қаршининг “Насаф” жамоасига қарши баҳс юритади. Мазкур матч Жиззах шаҳридаги “Сўғдиёна” ўйингоҳида бўлиб ўтади.