Футбол бўйича Эритрея терма жамоасининг 10 нафар аъзоси 2018 йилги ЖЧ учун саралаш босқичи доирасида Ботсванага қарши кечган сафар учрашувидан кейин ватанга қайтишни исташмади. Улар Ботсвана ҳукуматидан сиёсий бошпана сўрашган.

Футболчилар аэропортда Эритреяга қайтиш рейсига чиқишни истамаганларидан кейин ҳибсга олинган.

Ботсвана Футбол федерацияси вакилининг маълум қилишича, айни вақтда бу вазият ўрганилмоқда.

Қайд этиш керакки, кейинги йилларда эритреялик спортчилар Африкадаги бошқа давлатлардан сиёсий бошпана сўраш ҳолатлари бир неча марта қайд этилган.

Хусусан, 2013 йилда Уганда футбол бўйича Эритрея миллий терма жамоасининг 15 нафар аъзосига ҳамда терма жамоа шифокорларига сиёсий бошпана берган.

2009 йилда эритреялик футболчилар Кения ҳукуматидан, 2011 йилда эса Танзания ҳукуматидан бошпана сўраб, мурожаат қилишганди.

БМТ Эритрея ҳукуматини қийноқлар қўллаш ва қулдорликка рухсат беришда айблаб келади. Эритрея эса бу айларни инкор этиб келади.