Францияда таниқли об-ҳаво маълумотлари прогнози бошловчиси Филипп Вердье мажбурий таътилга чиқарилди, деб хабар беради The Local нашри. Бу қарор France Télévisions давлат телекомпанияси томонидан қабул қилинди.

Вердье кечки соатларда France 2 канали орқали об-ҳаво маълумотларини ўқиш билан донг таратган. “Мсьё Метео” китобини чиқарганидан сўнг эфирдан олиб ташланди, негаки китобида етакчи иқлимшунослар ва сиёсатчилар об-ҳаво ўзгаришлари ҳақида шубҳали ахборотлар ёрдамида “дунёни тутқунликда тутиши”ни иддао қилган.

Реклама ролигида у шундай деди: “Ҳар кеча мен 5 млн француз билан мулоқот қиламан, улар билан шамол, булут ва қуёш ҳақида гаплашаман. Лекин, шу билан бирга, жуда муҳим бир жиҳат бор, мен у ҳақда сизларга айта олмайман, чунки жой ва вақт мос эмас. Биз планетар жанжал асирларимиз. Иқлим ўзгариши уруш қуроли бўлиб, бизларни тутқунликда тутиб туради”.

ОАВда Вердьега нисбатан қандай жазо қўлланилиши муҳокама қилинмоқда. Давлат телекомпанияси эса изоҳ беришдан бош тортмоқда.
“У таътилда”, - маълум қилди компания мутасаддиларидан бири.