Иордания шаҳзодаси Али бин Ал-Ҳусайн Халқаро футбол федерациялари Ассоциацияси (ФИФА) президентлигига ўз номзодини қўйишини расман маълум қилди. Бу ҳақда ТАСС ахборот агентлиги хабар тарқатди.

ФИФА президентлиги учун сайловлар 2016 йилнинг 26 февраль куни бўлиб ўтиши керак. Бироқ ҳозирда ушбу муддатнинг чўзилиши масаласи кўриб чиқилмоқда.

ФИФА президентлигига номзодини қўйиш учну даъвогар камида ташкилотга аъзо бўлган бешта федерациянинг қўллаб-қувватлашига эришиши лозим бўлади. Президентлик учун номзодини кўрсатиш муддати 26 октябрь куни ниҳоясига етади.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ УЕФА президенти Мишель Платини мазкур лавозим учун ўз номзодини қўйганди. Кейинроқ ФИФА ахлоқ қўмитаси француз мутахассисини ФИФАнинг амалдаги президенти Йозеф Блаттер билан биргаликда ноқонуний равишда 2 миллион франк пул айланмасини амалга оширганликда айблаб 90 кунга футболдан четлаштирганди.