1 октябрь кунидан бери Исроил ҳудудида араблар ва яҳудийлар ўртасидаги низолар туфайли 32 нафар фаластинлик ҳамда 7 нафар исроиллик ҳалок бўлди. Бу ҳақда Al Jazeera хабар берган.

Шунингдек, октябрь ойи ҳисобидан Исроил полицияси билан тўқнашувларда Фаластиннинг 2 минг кишига яқин фуқароси тан жароҳатлари олган, исроилликлардан 83 нафари жароҳатланган.

Бундай тўқнашувларнинг аксар қисми Қуддус шаҳри кўчаларида бўлиб ўтган.

12 октябрь куни Қуддусда араблар исроилликларга ҳужум қилиши бўйича 4та ҳолат қайд этилгани хабар қилинганди.

Кейинги ҳафтада Қуддусда араблар ва исроилликлар ўртасида зиддиятлар кучаймоқда. Ўтган ҳафтада араблар томонидан амалга оширилган ҳужумларни бартараф этиш чоғида 25 нафар фаластинлик отиб ўлдирилганди.

Ўтган ҳафтада Исроил полицияси фаластинликларнинг қадим шаҳар Қуддусдаги Ал-Ақса масжидига киришини чеклаб қўйган. Ўтган ҳафта охирида ўша ҳудудда юзага келган тўқнашувлар натижасида икки нафар исроиллик фуқаро фаластинликлар томонидан пичоқлаб кетилганди. Айнан мана шу сабаб Эски шаҳар фаластинликлар учун ёпиб қўйилганди.

10 октябрь куни Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяҳу мамлакат шаҳарларидаги тартиб ва назоратни кучайтириш мақсадида захирадаги ҳарбий полициячилар қуроллантирилиши ҳақида маълум қилди.

Ўз навбатида Ғазо секторидаги "Ҳамас" радикал гуруҳи раҳбари Исмоил Хания фаластинликларни ўз ҳаракатларини давом эттиришга чақирган.