Эбола вируси даво чоралари кўрилганидан 9 ой ўтгунига қадар инсон организмининг айрим қисмлари ва биологик суюқликлар таркибида сақланиб қолиши мумкин. Бу ҳақда 14 октябрь куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Сьерра-Леоне Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда АҚШ Касалликларни назорат ва профилактика қилиш маркази ҳамкорлигида ўтказилган янги тадқиқот натижаларига асосланиб хабар қилди.

“Эбола вируси келтириб чиқарган касалликдан даволанган инсонлар устида синчковлик билан ўтказилган клиник кузатувлар ва текширувлар вирус айрим кишилар организмининг турли қисмлари, жумладан, кўз ичи, уруғ суюқлиги, йўлдош суюқлиги, йўлдош, кўкрак сути ва марказий асаб тизимида узоқ ойлар давомида сақланиб қолиши мумкинлиги аниқланди”, - дейилади ЖССТ пресс-релизида.

Тадқиқотлар мобайнида айрим эркакларда уруғ суюқлигида Эбола вируси 9 ой ва ундан зиёд вақтгача сақланиб қолиши аниқланди. Мазкур хулоса касалликдан тўлиқ тузалган 93 эркак устида ўтказилган клиник тадқиқотлардан сўнг чиқарилди.
“Сўнгги натижаларга асосланиб, уруғлик таркибидаги Эбола вируси миқдори вақт ўтгани сари камайиб боради, деган хулосага келиш мумкин.

Бироқ бир бемор организмида тузалганидан 9,5 ой ўтганидан сўнг ҳам Эбола вируси сақланиб қолмоқда”, - дея қайд этилди хабарда.
ЖССТ экспертлари жамоатчиликни тинчлантириб, вируснинг жинсий йўллар билан юқиши эҳтимоли жуда паст эканини таъкидлаб ўтишни ҳам унутмади.

Эбола вируси Ғарбий Африкада 2014 йил февраль ойида авж олган эди. Шу вақтга қадар ушбу хавфли вирус келтириб чиқарган хасталикка чалинган 28,5 минг кишининг 11,3 минг нафари ҳалок бўлди. ЖССТнинг қайд этишича, эпидемия қарийб тўхтатилган, иккинчи ҳафтадирки, минтақада бирорта ҳам янги ҳолат аниқланмади.