Мексика полицияси фейсбук ижтимоий тармоғи орқали ёлланиб, қотиллик содир этган 14 ёшли ўсмир ҳибс қилингани ҳақида маълумот тарқатди.

Қуйи Калифорния штати прокуратураси вакилининг маълум қилишича, бу ўсмир тергов вақтида Тихуана шаҳрида "ўз нишонини йўқ қилгани" учун 31 минг песо (1,9 минг доллар) ҳақ олганига иқрор бўлган.

Унинг тан олишича, унга фейсбук орқали мурожаат қилишган ва иш таклиф қилишган.

Шундан сўнг такси орқали айтилган жойга бориб, қурол, пул ва вазифа олган.

У қотилликни содир этишидан кўп вақт ўтмасдан қўлга тушган.

Тихуана полицияси бошлиғи Алехандро Лареснинг маълум қилишича, Мексикада жиноий гуруҳлар томонидан ўсмирларни қотиллик учун ёллаш ҳолатлари одатий ҳолга айланмоқда. Бунга асосий сабаб вояга етмаганлар учун "юмшоқ жазолар" қўлланиши, уларга қисқа муддатли қамоқ тайинланиши сабаб ҳисобланади.

2010 йилнинг декабрида Мексикада "Эль Пончис" лақабли 14 ёшли ёлланма қотил қўлга олинган, у тергов жараёнида жиноий гуруҳлар буюртмасига кўра 4 марта қотиллик содир этганига иқрор бўлганди.