Ноқонуний мухожирлар Франциядан Буюк Британияга ўтиш мақсадида британ ҳайвонот боғига Россия оқ айиғини олиб кетаётган юк машинасига чиқиб олишган, деб хабар бермоқда Sky News нашри.

Москва ҳайвонот боғида яшаган Ниссан лақабли оқ айиқ Буюк Британиягача йўлнинг катта қисмини Германиягача самолётда босиб ўтган, у ердан эса у Британиядаги ҳайвонот боғига юк машинасида олиб кетилган.

Бир гуруҳ муҳожирлар юк машинаси Франциянинг Кале шаҳрида бўлганда унинг юкхонасининг эшигини бузиб, улардан 3 нафари у ерда қафасда оқ айиқ борлигига қарамасдан, машинага чиқиб олган. Муҳожирлар полиция томонидан аниқлангунига қадар машина ичида 10 дақиқа ўтиришгагина улгуришди, холос.

Ҳайвонот боғи вакили оқ айиққа ҳеч қандай шикаст етмаганини таъкидлаб ўтди. Унинг айтишича, Ниссан ҳайвонот боғидаги бошқа оқ айиқларга қўшиб юборилган ва улар орасида яхши муносабатлар юзага келган.

Аввалроқ эронлик икки нафар ноқонуний муҳожир Франциядан Буюк Британияга узунлиги 50 км бўлган Ла-Манш остидаги туннель орқали йўл босиб ўтишгани маълум қилинганди.