Испаниялик футбол амалдори Анхель Вильяр УЕФАнинг ижрочи директори сифатида ишлашда давом этади. Бугун у ташкилотнинг Ньон шаҳридаги йиғилиш вақтида шу вазифага тайинланган. Бу ҳақда El Pais нашри хабар қилган.

У шунингдек, УЕФА вице-президенти ва Испания Футбол Федерацияси президенти лавозимларини сақлаб қолган.

Бугун, 15 октябрь куни Ньонда УЕФАнинг навбатдан ташқари йиғилиши бошланди. Бу йиғилишнинг биринчи мақсади ташкилотнинг ижрочи директорини тайинлаш ҳисобланади. Шунингдек, ташкилот таркибидаги 54 федерация раҳбарларининг учрашуви ўтказилади.

Навбатдан ташқари йиғилиш ўтказилишига Мишель Платини УЕФА президентлигидан 90 кун муддатга четлатилгани сабаб бўлди.

Кун охирида йиғилиш якунлари бўйича матбуот анжумани ўтказилади ва унда УЕФА бош котиби Жанни Инфантино атрофлича маълумот беради.

ФИФА ташкилотнинг Одоб-ахлоқ қўмитаси 8 октябрь куни Мишель Платинини ФИФА тизимидаги порахўрлик билан боғлиқ можаролар доирасида 90 кунга лавозимидан четлатганди.

Ундан олдинроқ, ФИФА раҳбари Йозеф Блаттер ва ФИФА Бош котиби Жером Вальке ўз лавозимидан 90 кунга четлаштирилди. Агар зарурат туғилган ҳолларда бу муддат яна 45 кунга узайтирилиши мумкинлиги айтилган.