Сурия ва Ироқнинг ИШИД назорати остидаги ҳудудларида жойлашган 9та нефть конидан экстремистик ташкилот кунига 1.5 млн доллар даромад олмоқда. Бу ҳақда “Ведомости” нашри хабар бермоқда.

“ИШИДнинг қора байроғи нефтга бўктирилган, деса бўлади, - деб ёзади нашр. – қора олтин террорчиларга ўз фаолиятларини молиялаштириш ҳамда қўшнилари олдида иқтисодий ва ҳарбий устунликка эришиш имкониятини бермоқда”.
Нашрга интервью берган ҳалаблик исёнчилардан бири, унинг биродарлари жабҳада ИШИД билан жанг қилаётганига қарамай, ёқилғини айнан ўз душманларидан сотиб олишга мажбур эканлигини таъкидламоқда.

“Бу ҳам кулгили, ҳам ачинарли, - дейди у. – Лекин бизда танлов йўқ, биз камбағал инқилобчилармиз. Бизга яна ким ёқилғи таклиф қилиши мумкин?”.
ИШИД аввал бошидан ўз нефть стратегиясини жуда пухта ўйлаган. 2013 йилда Сурияга кириб келиши билан ташкилот раҳбарлари нефтнинг ташкилот асосига айланишини тушуниб етишган.

ИШИД Суриянинг нефтга бой шарқий вилоятларини назорат остида тутиб турибди. Бу ерда у стратегик аҳамиятга эга, лекин нефти йўқ шимоли-шарқдан кетганидан сўнг ўрнашиб олган. 2014 йили Ироқда Мўсул шаҳридаги база қулаганидан сўнг у шарқий Сурияни тўлалигича ерлашди. Шунингдек, террорчилар Ироқнинг шимоли-шарқидаги Киркук вилоятида жойлашган Ажил ва Алас конларини эгаллашди. Таъкидланишича, бу ғалабалар қўлга киритилишидан илгарироқ гуруҳ раҳбарияти нефть мутахассисларини тўплашга улгурган. Конлар қўлга киритилиши билан у ерда иш бошлаб юборилган.
Киркукда ҳам, Суриянинг Туркияга ёндош шарқий вилоятларида ҳам курдлар билан бир қаторда туркманлар яшайди. Бу уч гуруҳ нефть захиралари учун курашни давом эттирмоқда, бунда Туркия турли йўллар билан туркманларни қўллаб-қувватлашда давом этмоқда.

Экспертларнинг таъкидлашича, ИШИД ўзига миллий нефть корпорациялари сингари имиж яратишга тиришмоқда. Таъкидланишича, гуруҳ малакали муҳандислар ва бошқа мутахассисларни қидирмоқда, уларга рақобатбардош маошлар таклиф қилиб, кадрлар бўлимига мурожаат қилишга ундамоқда.

ИШИД мутахассислари қўмиталари конларни текширади, нефть олинишини назорат қилади ва ишчилар билан ишлайди. Гуруҳнинг илгари Саудия Арабистони ва бошқа давлатларнинг нефть компанияларида ишлаган аъзоларига амирлик рутбаси берилади. Улар энг муҳим объектларни бошқаради.

ИШИД, шунингдек, техник мутахассисларни ўз ишига жалб қилиб келмоқда. Улардан бирининг айтишича, ИШИД амири WhatsApp орқали унга хабар йўллаб, қандай лавозим эгаллашни ва қанча маош олишни ўз белгилаши мумкинлигини таъкидлаган. Аммо мутахассис таклифни рад қилиб, Туркияга қочган.

Мўсул эгаллангандан сўнг Абу Бакр ал-Бағдодий ИШИДга фақат жангчилар эмас, докторлар, ўқитувчилар ва бошқа мутахассислар ҳам кераклигини таъкидлаган эди. Шундан сўнг гуруҳ таркибига бошқа ҳудудлардан одамлар оқиб кела бошлади.
ИШИД назорати остига ҳудудларнинг бошқаруви марказлаштирилмай, волийлар қўлига топширилгани билан, экспертларнинг таъкидлашича, нефть соҳаси марказдан, шўро томонидан бошқарилади. Олий раҳбарият уни, шунингдек, медиасоҳани доимий назорат остида тутиб туради.