Оқ уй: Москванинг ИШИДга қарши курашдаги позицияси Россия делегациясини қабул қилишни рад этишга сабаб бўлди

Жаҳон 15 Октябрь 2015 4130

Москванинг ИШИД террорчилик гуруҳига қарши курашга “самарали улуш қўшиш”ни истамаслиги АҚШ томонидан Сурия ихтилофини муҳокама қилмоқчи бўлган Россия делегациясини қабул қилишни рад этишига сабаб бўлди. Бу ҳақда Оқ уй матбуот котиби Жошуа Эрнест журналистларнинг саволларига жавобан айтиб ўтди.

“Президент Путин айтгандек бу делегациянинг мақсади АҚШ ва Россия ўртасидаги ҳарбий ҳамкорликни тартибга солишга кўмак беришдан иборат бўлиши керак эди. Россия бизнинг ИШИДга қарши курашимизга ўз улушини қўшмаса, биз бундан манфаатдор эмаслигимизни айтганмиз”, деб айтди Эрнест.

Эрнестнинг фикрича, Москванинг ҳамкорлик қилишга ундови “нафақат АҚШ, балки ИШИДга қарши курашаётган халқаро аксилтеррорчилик коалициясининг қолган 65 аъзоси томонидан ҳам қабул қилинмади”.

Эрнест тахминича, Россиянинг ИШИДга қарши курашиш борасида ўзининг шахсий ёндашуви мавжуд. “Бугунги кунда улар бу ёндашувни мустақил равишда олиб бормоқдалар”, деб таъкидламоқда Эрнест.

Эрнестнинг таъкидлашича, Россиянинг Суриядаги операцияси Москванинг “бир томонлама ҳаракатлари”дир ва “Россия қанчалик яккаланиб қолганини кўрсатади”. “Биз ИШИДга қарши курашда халқаро саъй-ҳаракатлар билан уйғунлашган Россиянинг ҳиссасини қаршилаган бўлардик, бироқ Россиянинг режалари ўзгача”, деб айтиб ўтди Оқ уй матбуот котиби.

Кўпроқ янгиликлар